Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » Оила мустаҳкамлиги - судлар нигоҳида

Оила мустаҳкамлиги - судлар нигоҳида

26 июнь 2021 йил
192
0

  Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

  Соғлом муҳит қарор топган оилалар юрт корига ярайдиган, эл хизматига камарбаста бўла оладиган фарзандларни тарбиялаб, камолга етказишнинг энг асосий омилларидан биридир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ”.

  Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга молик. Эътиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

  Жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси – барбод бўлган оилалар хусусида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди.Тан олиш жоиз, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.

  Никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаб олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини изчил таъминлаш ғоятда муҳимдир. Бу борада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига “Никоҳдан ажралишга олиб келаётган ҳар қандай сабаб билан холисона таҳлил ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим” деган банд киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, албатта, ўз самарасини беради, деган фикрдамиз.

  Беморни даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш осон кўчганидек, барбод бўлиш арафасидаги оилани тиклашдан кўра оила қуриш арафасидаги ёшларни ҳам жисман, ҳам маънан оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳар жиҳатдан афзалроқдир.

  Ахлоқан тарбиялаш жараёнини қуйидаги масканларда янада кўпроқ амалга ошириш талаб этилмоқда: шахс яшаб, вояга етган жойлар, яъни уйи, оиласи, маҳалласи, шунингдек таълим муассасасида, яъни мактабгача, мактаб, ўрта-махсус, олий таълим муассасаси, жамоат жойларида, ОАВларида, адабий асар ва санъат масканларида, иш жойида, ижтимоий тармоқларда (телефон, интернет воситалари), ўзи танлаган яқин дўстлари, дугоналари даврасида амалга ошириш лозим. Табиий савол туғилади: Ушбу фаолиятни амалга оширишда кимларнинг тавсияси ва амалий ёрдамига эҳтиёж мавжуд?

  Аввало психолог, социолог, педагог (халқ таълими, олий таълим), маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, ОАВ вакиллари, тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаси ходимлари иштирокида юқоридаги жойлар ва гуруҳларда оила аъзоларида учраши мумкин бўлган салбий сифатлар ёки иллатлар билан қуйидагича курашиш лозим: 

  Биринчидан, Эрлик масъулиятининг бажарилмаслигига сабаб бўладиган ҳурматсизлик, оиланинг моддий таъминотига бефарқлик ёки ишлашга қизиқмаслик каби иллатларга қарши курашиш;

  Иккинчидан, хотинлардаги камчилик сифатида ҳурматсизлик, уй-рўзғор ишларига, оилага эътиборсизлик, урф-одат ва анъаналарни билмаслиги ёки менсимаслигига қарши курашиш;

  Учинчидан, эр ва хотинларда оила ва унинг аҳамияти, оила аъзоларининг ҳуқуқ, вазифа ҳамда мажбуриятини тушунмаслик ҳолатига қарши аниқ чоралар кўриш лозим.

  Шаръий никоҳ асосида бошқа оила қурган шахслар маълум муддат ўтгач, ўз оиласи бағрига қайтиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятларда ҳам судлар эр-хотиннинг ярашиб олиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

  Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев айтганидек: “Оилага эътибор – ўзлигимизга эътибордир. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз”.

  Дарҳақиқат, жамиятимиз келажаги оилалар барқарорлиги ва фарзандларнинг ўз ота-онаси бағрида камол топишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш масаласи барчамизга, ота-оналар, кенг жамоатчилик ва ҳар бир онгли инсонга тегишли масаладир. Бу борада барчамиз бирдай масъулмиз.

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарбдор туманлараро суди раиси

Эсанов Джахонгир Хошимович

Фуқаролик ишлари бўйича 

Зарбдор туманлараро суди девонхона

мудири Шоҳнур Чулибоев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар