Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » ШАХС ЎЗИГА ВА ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАРИГА ҚАРШИ ГУВОҲЛИК БЕРИШГА МАЖБУРМИ?

ШАХС ЎЗИГА ВА ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАРИГА ҚАРШИ ГУВОҲЛИК БЕРИШГА МАЖБУРМИ?

13 июль 2022 йил
260
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги Конституциявий қонуннинг лойиҳасида шахс ўзига ва ўз яқин қариндошларига қарши гувоҳлик қилишга мажбур эмаслигини кўзда тутувчи норма таклиф этилмоқда. 

 Мазкур қоида нимани англатади, унинг амал қилиши қандай кафолатлар яратади?

Сўнгги йилларда мамлакатда суд ва тергов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўналишида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида шахсий ва сиёсий хуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ислоҳотлар қаторида “жиноят процессида жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш” масаласига  ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Шахс ўзига ва ўз яқин қариндошларига қарши гувоҳлик қилишга мажбур этилиши мумкин эмаслиги қоидасини қатъийлаштириш, унинг аҳамиятини ошириш биринчи навбатда, давлат раҳбари томонидан эътироф этилган ана шу масалани таъминлашга қаратилган.

Шахс ўзига қарши кўрсатма бермаслиги ҳуқуқи жиноят процессининг энг муҳим принципи - айбсизлик принципи қоидаларидан келиб чиқадиган кафолат ҳисобланади. Жумладан, айбсизлик презумпциясига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Мазкур талаб БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт 14-моддаси талабларидан ҳам келиб чиқади. Унга асосан ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур килинмаслик кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси мазкур Пактга 1995 йилда қўшилган.

Бу халқаро стандартнинг асосий мақсади – ҳуқуқ тартибот органлари томонидан жиноий таъқиб остидаги шахсни мажбурлаш ёки унга ҳар қандай босим ўтказиш йўли билан унинг иродасига қарши олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўймасликдир. Мазкур кафолатдаги ўз-ўзини айбламаслик ҳуқуқи фақатгина жиноят содир этишда иқрор бўлишга мажбурлаш тақиқи билан чекланиб қолмайди. Ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбурлаш мумкин эмаслиги қоидаси кейинчалик жиноят ишида фойдаланиш мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларни тақдим қилишга мажбурлаш ҳам мумкин эмаслигини назарда тутади. Ушбу қоида суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари сўроқ қилишдан олдин шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи тўғрисида огоҳлантириши лозимлигини ҳам англатади.

Албатта, ҳозирда ҳам Жиноят-процессуал кодексида шахснинг ўз қариндошларига қарши кўрсатма бериш эркинлиги белгиланган. Жумладан, мазкур кодексининг 116-моддасига кўра, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.

Лекин шу билан бирга, афсуски, суд тергов амалиётида шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, айрим тергов ходимлари фуқароларимиз ўзининг бундай ҳуқуқи борлигини англамаслигидан фойдаланиб, ўз қариндошига нисбатан гувоҳлик бериш-бермаслик шахснинг мутлақо эркинлиги эканлиги ва бу каби гувоҳлик беришдан бош тортиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмаслигини тўлиқ тушунтирмайдилар. Натижада, инсонларнинг мазкур ҳуқуқдан амалда реал фойдаланишида муаммолар юзага келади.

Шахснинг ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи ҳар қандай турдаги қийноқлар, таҳдидлар ва мажбурлов чораларини қўллашни чекловчи инструмент бўлиб хизмат қилади.

Мазкур қоиданинг Конституция даражасида белгиланиши эса шахсга кимнингдир хоҳиш-иродаси объекти сифатида муносабатда бўлишга йўл қўйилмаслигини, унинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги эса чинакам конституциявий кафолат эканлигини мустаҳкамлайди.

 

Сурайё Раҳмонова,

юридик фанлари доктори, профессор, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар