Коррупция жамият кушандаси
Коррупция нима? Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиши, хизмат ваколатларидан четга чиқиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайинчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш ташкил қилиб, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, айниқса, порахўрлик, таъмагирлик қилиши билан жамиятимиз учун ижтимоий хавфлидир.
Коррупцияга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бири сифатида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Коррупцияга қарши самарали курашиш, унинг давлат, хўжалик бошқаруви органларининг нормал фаолият юритишига салбий таъсири, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида демократик ўзгартиришларни амалга ошириш, давлат хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлашни таъминловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда Конституциямизга асосланган норматив-ҳуқуқий база яратилган. Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истамбул ҳаракат режасига аъзо саналади.
Шу билан бирга, мамлакатимизда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Пора олиш ҳам, пора бериш ёки унга воситачилик қилиш ҳам бир хил жиноятдир. Агар биз пора берувчиларнинг йўлини тўссак, ўз ўзидан порахўрлик ҳам барҳам топади. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигимизни янада кучайтиришимиз, кенг жамоатчиликка таянишимиз зарур.
Жиноят ишлари бўйича
Зарбдор туман судининг
раиси Ш.Х.Мирзаахмедов