Зарбдор туманида Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқарувчи тракторчи–машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарори билан тасдиқланган “Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, таʼлим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга кириш ва уни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида”ги Низом ижросини таʼминлаш мақсадида жойларда ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Зарбдор тумани ҳудудидаги фермер хўжаликлар раҳбарлари ва трактор ҳайдовчилари ўртасида ўтказилди. “Ўзагроинспексия”нинг туман бўлимида бўлиб ўтган тадбир аввалида бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини иш билан таʼминлаш, банд бўлмаган фуқароларни турли касбларга жалб этиш ва уларни ўқитиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқарувчи тракторчи–машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таʼлим муассасаси ташкил этилгани юзасидан йиғилиш қатнашчиларига маълумотлар берилди.
Ўқиш истагида бўлган ўқувчиларнинг назарий ва амалий дарс машғулотларини олиб боришлари учун барча қулайликлар муҳайё қилинган ўқув маркази ташкил этилганлиги ва ўқув марказида уч ой таҳсил олган битирувчилар эса сертификат асосида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишлари мумкинлиги йиғилиш давомида айтиб ўтилди.
Йиғилишдан сўнг, 15 нафарга яқин жисмоний ва юридик шахсларга эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ўрнига янги шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари берилиши таъминланди.
Б.Усмонов
Инспекциянинг Зарбдор туман
бўлими катта инспектори