Пенсияларни ҳисоблаб чиқаришда эътиборга олинадиган иш ҳақи турлари
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади.
Давлат ижтимоий суғуртасига тааллуқли бўлмаган шахсларга пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ўхшаш пул таъминотининг барча турлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшилади.
Ўқиш даврида тўланган стипендия пенсия сўраб мурожаат этувчининг хоҳишига кўра иш ҳақига тенглаштирилади.
Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг (якка тартибдаги тадбиркор ва у томонидан ёлланган ходимнинг, деҳқон хўжалиги ва оилавий тадбиркорлик субъекти аъзосининг) пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг миқдори:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
У.Мамадалиев
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
Зарбдор туман бўлим Пенсия, нафақа ва бошқа
тўловларни тайинлаш ва тўлаш шўбаси мутахассиси