Ногиронлиги бўлган шахслар парвариши билан банд бўлган фуқаролар моддий қўллаб-қувватланади
Ўтган беш йилда Ўзбекистон ўз тараққиётида янги бир даврга қадам қўйди. Бу авваламбор, мамлакатмизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотлар ва уларнинг натижалари фуқароларимизнинг турмуш тарзида, халқаро ҳамжамият томонидан билдирлаётган ижобий фикрларда яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир босқичида инсон қадрини юксалтириша алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни биргина ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолинининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Жумладан, бугун республикамизда 800 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилаётган бўлса, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Натижада, ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари масаласи сифатида кун тартибига қўйилди.
Бугунги кунда республикамиздаги 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун таълимнинг барча босқичида илм олиб касб ўрганиш имкониятлари яратилди. Хусусан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилиш жараёнида умумий қабул сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизлик квота ажратиш тизими йўлга қўйилди.
“Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эса бошланган ислоҳотларни янги босқича олиб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Фармон билан Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этишга қаратилган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Эндиликда, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда амалдаги 440 000 сўмдан 622 000 сўмга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови тўланиши тизими ҳам жорий этилади.
Бунинг учун 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги, 1 октябрдан бошлаб эса ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон шаклда тақдим этиб борилади.
Қувонарлиси, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақасини фуқароларга қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тўлаш тизими йўлга қўйилади.
Бу эса биринчи навбатда имконияти чекланган фуқароларга, шу билан бирга, уларни парвариш қилувчиларга ортиқча овворагарчилик ва бюрократик тўсиқларсиз яратиб берилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш имконини беради.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
Зарбдор туман бўлими