Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » ОТА-ОНА ВА ФАРЗАНДЛАРНИНГ ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ ҚОНУНЧИЛИГИМИЗДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

ОТА-ОНА ВА ФАРЗАНДЛАРНИНГ ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ ҚОНУНЧИЛИГИМИЗДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

13 апрель 2022 йил
7 886
0

Асрлар давомида ота-она ва фарзандларнинг ўзаро муносабатлари, оилада уларнинг ўрни, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари доимий, долзарб масалалардан бўлган. Жамият ривожлана боргани сари, фарзанд тарбияси, унинг таъминоти бўйича қарашлар ҳам ривожланиб такомиллашиб борган.

Масалан, Ислом ҳуқуқининг асосларидан бири бўлган ҳадисларда фарзандга яхши исм қўйиш, уни чиройли тарбиялаш ва илм ўргатиш отанинг фарзанд олдидаги бурчларидан бири сифатида таърифланган. 

Манбаларда ҳам оиланинг келажагини, фарзандларнинг моддий ва маънавий фаровонлигини таъминлаш учун ота-она масъуллиги, ушбу масъулиятни нафақат оила қурилганидан кейин таъминлаш, балки оила қурилмасидан олдин тайёргарлик кўриш кераклиги кўрсатилган.

Бу каби талаблар замонавий қонунчилигимизда ҳам ўзи аксини топган, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида, "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар" деб белгиланган бўлса, Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўзболаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги кўрсатилиб, ота-онага мажбурият юкланган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январда қабул қилинган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунида ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар)-бола (болалар) ҳисобланиши қайд этилиб, қонунга кўра болаларнинг:

- Боланинг яшаш ҳуқуқи;

Боланинг индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқи;

- Боланинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи;

- Боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи;

- Жиноят процессининг иштирокчиси бўлган бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- Болаларни тарбиялаётган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

Боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи;

Боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи;

- Боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи;

- Боланинг ахборот олиш ҳуқуқи;

- Боланинг фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи;

- Боланинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи;

Боланинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари;

- Боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи;

- Боланинг дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуқи;

Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи;

Боланинг билим олиш ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши, мазкур ҳуқуқларнинг бузилишига сабабчи бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишлари белгилаб қўйилган. 

Шундай бўласа-да, айрим ота-оналар ўз фарзандларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишга эътиборсизлик билан қараши, уларнинг моддий таъминотига етарлича эътибор қаратмаслик каби ҳолатларнинг учраши, нафақат болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига, балки бу тоифадаги низоларнинг ҳам ортишига олиб келаётгани учрамоқда.

Айниқса ёшлар ўртасида никоҳдан ажралишларнинг оқибатида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқаётгани, гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолаётгани уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани, айрим ота-оналарнинг эса фарзандларидан нафақа ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилаётганлари ачинарли ҳолдир.

Шу сабабли ота-оналар фарзандлари олдидаги масъулиятини доимий равишда ёдда тутишлари, уларнинг бугунги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) нафақат болаларининг руҳиятига, уларнинг ўсиб унишига, балки ўзларининг келгусидаги ҳаётларига, яъни фарзандлари билан муносабатларига салбий таъсир қилишини доимо ёдда тутиши зарур. 

Чунки фарзанд бугун олган меҳрини эътиборини эртага қайтаради, доно халқимиз бежизга «Ҳар ким экканини ўради» деб нақл қилмаган. 

Зеро, халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келган. Оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари – фарзандлар камолга етади.

 

Улуғбек СИДДИҚОВ

Мирзачўл туман юридик хизмат кўрсатиш

маркази бош юрисконсулти


 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар