Пенсия ва нафақалар 12%га оширилади
Президент фармони билан 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақалар 12%га оширилади. Шунингдек, зарур иш стажига эга бўлмаган ҳамда боқувчисини йўқотганлар учун ойлик нафақа миқдори 500 минг сўм этиб белгиланди.
2022 йил 1 майдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12%га оширилиши белгиланди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати. Бу ҳақда президентнинг «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, 1 майдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 324 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 633 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 698 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 698 000 сўм этиб белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, 1 майдан бошлаб:
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 500 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 500 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 500 000 сўм этиб белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Улуғ айём — Рамазон ҳайити байрами арафасида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалалари кўриб чиқилишини» маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Бугунги муборак кунларда халқимизга хос олижаноблик ва меҳр-мурувват рамзи сифатида нуронийларимиз, ёлғиз ва эҳтиёжманд бўлган опа-сингилларимиз, ака-ука ва фарзандларимизга эътибор кўрсатиш, ҳолидан хабар олиб, дардига малҳам бўлиш, ўйлайманки, Яратганга ҳам, халқимизга ҳам, албатта, хуш келади», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 1 сентябрдаги фармони билан зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори ойига 440 минг сўм этиб белгиланган эди.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Зарбдор туман бўлими