Кўп асрлардан бери ҳудуд ҳар қандай давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланиб, давлатларнинг худудий яхлитлиги тамойили халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим принципларидан биридир.
Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва унинг дахлсизлиги ҳақидаги нормалар кўплаб давлатларнинг Конституцияларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Сўнгги бир аср давомида юз берган тажовузкор қуролли можаролар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳудудий яхлитликни халқаро муносабатлар ва миллий қонунчиликнинг асосий тамойилларидан бири сифатида белгилаб қўйилишига олиб келди. Бу тамойил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Устави, БМТнинг бу йўналишдаги бир қатор Декларациялари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ҳужжатларида ҳам эътироф этилган.
Амалдаги Асосий Қонунимизнинг 17-моддасида Ўзбекистоннинг “ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига” асосланиши белгиланган.
Лекин, халқаро майдондаги жараёнлар, айрим минтақалардаги умумий ҳолат ва давлатлараро муносабатларнинг кескинлашиши ташқи сиёсатда янгича ёндашувларни талаб этмоқда.
Шу муносабат билан, Конституциянинг ушбу моддаси такомиллаштирилиб, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги борасидаги умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланиши, Ўзбекистон бошқа суверен давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши тўғрисидаги қоидалар асосий қонунимизда ўз аксини топиши мақсадга мувофиқдир.
Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида мазкур модда қуйидаги шаклда ифодаланганини кўришимиз мумкин:
“Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади”.
Яъни, мамлакатимиз ўз ташқи сиёсатини “инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш” асосида олиб бориши алоҳида таъкидлаб ўтилмоқда. Мазкур нормаларнинг Асосий қонунимизда акс эттирилиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар, аввало “шахс-жамият-давлат” тамойилига мувофиқ олиб борилаётганини яна бир исботи бўлиб хизмат қилади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатининг асосий принципларидан эканини кўрсатади.
Мазкур моддада, шунингдек,Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати чегараларнинг “бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” сингари умум эътироф этилган қоидаларга асосланиши алоҳида таъкидлаб ўтиш таклиф қилинмоқда. Чунки, минтақамиз ва дунё миқёсида кечаётган ўзгаришлар ҳар қандай давлат учун ҳам ҳудудий яхлитлик ва мавжуд чегараларнинг бузилмаслик масаласи нақадар долзарб эканини кўрсатиб турибди.
Мазкур норма халқаро майдонда рўй бераётган турли жараёнлар, жумладан мустақил давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ масалаларга Ўзбекистон Республикасининг муносабатини ифодалаб, бу мавзуда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларга чек қўйиб, аниқ бир жараён юзасидан Ўзбекистоннинг аниқ муносабатини билдиришга хизмат қилади.
Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими.