Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.11.2020 йилдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4881-сонли қарорига кўра, курашни юртимизда ва халқаро миқёсда янада оммалаштириш белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, уч минг йиллик анъаналарга эга курашнинг халқаро миқёсда оммалашаётгани замирида, аввало мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш йўлида спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ётган бўлса, бунинг яна бир муҳим жиҳати, ўзбек кураши барча спорт турларидаги энг инсонпарвар қоидаларни ўзида мужассам этгани билан боғлиқдир.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Зарбдор тумани спорт мактабида 6-сентябрь Халқаро кураш куни муносабати билан “Полвонлари кўп юрт-қудратли бўлур” шиори остида 2008-2010, 2011-2013 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича Зарбдор тумани Прокурори соврини учун очиқ биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақада 100 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Натижаларга кўра умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Зарбдор тумани, 2-ўрин Ғаллаорол тумани, 3-ўрин Зомин тумани жамоаларига насиб этди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зарбдор туман ҳокимлиги Ахборот хизмати