Тадбирда туман ҳокими Зафар Рузиев тумандаги ўқитувчиларга байрам табриги йўллади.
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Сизларнинг, ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", —деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.
Бугунги байрамда фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатаётган туманимиздаги пешқадам касб соҳибларининг ҳар бирини алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
Ҳурматли устозлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчиларингиз ҳузурига — синф хоналарига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!
Сизларни, сизлар орқали барча устоз ва мураббийларни “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
Тадбир давомида туман ҳокими томонидан тадбир иштирокчиларига эсталик совғалари улашилди. Ўтган ўқув йилида юқори натижа кўрсатган мактаб директорлари ва фахрий устозлар эътироф этилди. Туман маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганларга манзур бўлди.
Зарбдор туман ҳокимлиги Ахборот хизмати