Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммолардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.
Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.
Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.
2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.
Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Аммо бу хотиржам бўлишимиз учун етарли эмас. Шу боис, Ўзбекистонда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда.
Қонунга мувофиқ, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш - одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш ҳамда чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.
Шунингдек, қонунга мувофиқ республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича
Зарбдор туман судининг раиси
Ш.Мирзаахмедов