Дунёда жамиятлар, давлатлар, тамаддунлар кўп бўлганидек, жиноят турлари ҳам кўпдир. Инсоният томонидан содир этиладиган ҳар қандай жиноят жамият ҳаётига, инсонлар турмуш тарзига жиддий хафв солади. Сўнгги йилларда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилишининг ортиши дунё ҳамжамиятини ташвишга қўймоқда. Халқаро Меҳнат Ташкилоти берган маълумотларга кўра, 2021 йилда 50 миллион нафар инсон “замонавий қулчилик” исканжасига тушган. Энг ачинарлиси ушбу кўрсаткичнинг катта қисмини аёллар ташкил этганлигидир.
Юртимизда ҳам оҳирги йилларда бу қабиҳ жиноятга қарши изчил ва қатъий кураш олиб борилмоқда. Жумладан, 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилингани бунинг яққол исботидир.
Мазкур Қонунга кўра, одам савдоси деганда - куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилиши белгиланган. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишни англатади.
Одам савдоси жиноятига аралашганлар, ушбу жиноятни содир этганларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси билан ушбу жиноятни содир этганлар ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сон Фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу Фармонга кўра Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилган. Давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш; одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш; одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш каби вазифалар Комиссиянинг устувор вазифаси ҳисобланиши белгиланган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу жиноятнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, шунинг билан бирга одам савдоси жабрдийдаларига ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, реабилитацион чораларни қўллаш, уларни жамият ҳаётига қўшишда кўмакдош бўлиш каби изчил ва режали саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Аммо бутун жамият, ҳар бир шахс ушбу жиноятга қарши муросасиз муносабатда бўлиши, одам савдоси жиноятига оид ҳолатларга дуч келганда ёки ушбу жиноятга доир бирон маълумотга эга чиққанда дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши даркор!
Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси
Ш.Х.Бегматов