Одам савдоси — инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.
Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби жиноятлар қаторида оғир оқибатларни келтириб чиқаради.
Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Ушбу қоида БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, шунингдек, бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган.
Одам савдоси эса инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етказади, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Одам савдоси деб аталмиш ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишлар туради.
Дунё мамлакатларида одам савдосига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, бу тадбирга давлат идоралари, қолаверса, жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситалари кенгжалб этилмоқда.
Дунёда одам савдоси билан боғлиқ вазият таҳлили бу борадаги аҳволнинг ҳамон жиддийлигича қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгач, тадбиркорлик, хусусий бизнесга кенг йўл очилди. Хорижий давлатлар билан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорлик ўрнатилди. Юртимиз фуқароларининг хорижий мамлакатларга бемалол чиқишлари учун имконият ва етарли шарт-шароитлар яратилди.
Афсуски, айрим шахслар бундай шарт-шароит ва имкониятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, фуқароларимизни турли алдов ва фирибгарлик билан хорижга олиб чиқиб кетишга уринмоқдалар. Бунинг оқибатида юртимиз фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айланмоқца.
Таҳлиллар мамлакатимиз фуқароларининг фоҳишалик билан шуғуллантириш учун асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста-Рика давлатларига, мажбурий меҳнат ёки хизмат кўрсатиш учун эса Қозоғистон ва Россияга олиб чиқиб кетилаётганлигини кўрсатмоқда.
Одам савдоси жиноятчилар учун сердаромад манба бўлиб келмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад 7 миллиард АҚШ долларидан ошмоқда. Афсус билан таъкидлаш керакки, дунёда одам савдоси бозори ва унга талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу боис, жиноий тузилмалар ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланишнинг турли йўлларини қидириш, мақсадини амалга оширишни енгиллаштириш учун халқаро жиноий уюшмалар ташкил этиш, давлат хизматчиларини ўзларига оғдириш пайида бўладилар. Бу эса трансмиллий уюшган жиноятчилик, коррупция каби хавфли иллатларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлади.
Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ўз "кирдикорлар"ини яшириш мақсадида бундай савдонинг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга ҳаракат қиладилар. Аввало, бунинг учун одамларни хорижга ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга, паспорт ва шахсий ҳужжатларини қалбакилаштиришга уринадилар.
Бу ҳолат эса ноқонуний миграция салмоғининг ортишига, муайян давлат ҳудудига ноқонуний кириб келганлар сонининг ортиб, иқтисодий, демографик ва криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатишига, шунингдек, хорижга чиқиш ва муайян давлат ҳудудида бўлиш қоидаларининг бузилишига олиб келади.
Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар бундай савдонинг қурбонига айланаётганларни имкон қадар ўз назоратида ушлаб туриш ва кўпроқ фойда олиш мақсадида уларнинг шахсига оид ҳужжатларни ноқонуний эгаллаб, хорижий давлатда эркин ҳаракатланишига, ўз давлатининг тегишли ваколатхоналарига мурожаат этишига тўсқинлик қиладилар. Оқибатда бундай шахслар ўзини ҳуқуқий ҳимоялаш имкониятидан маҳрум этилади.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ўз хусусиятига кўра латент характерга эга. Чунки одам савдоси қурбонлари уларга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлиши ёки ўзининг ноқонуний хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмайдилар. Бундай ҳолат одам савдоси билан шуғулланган шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришига олиб келади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳуқуқий демократик давлатда инсон тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун, биринчи навбатда, унинг хавфсизлиги таъминланиши, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, қадр- қиммати, ҳаёти ва соғлиғи ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилинган бўлиши шарт.
Қайд этиш лозимки, республикамизда фуқароларнинг хорижда меҳнат қилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улардаги асосий талаблардан бири — бу хорижга юборилиши кўзда тутилаётган фуқароларнинг муайян давлат ҳудудидаги ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғуртанинг мавжудлигидир.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.
Жиноят ишлари бўйича
Зарбдор туман судининг
раиси Ш.Х.Мирзаахмедов