Юртимизда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган «Уч авлод учрашуви» маънавий-маърифий тадбирларини ўтказиш гўзал анъанага айланган. Мана шундай учрашув Зарбдор туман ҳокимлиги “Саховат ва кўмак жамғармаси” ташаббуси билан 15 декабрь куни Зарбдор тумани Оқар МФЙда ташкил этилди.
«Оқар» тантаналар мажмуасида ўтказилган ушбу тадбирга фахрийлари, юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кексалар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар таклиф этилди.
Бир пиёла чой устидаги мулоқотларда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ёшлик давридаги қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Шундан сўнг тадбир туманидаги элимиз суйган шоирларнинг ёшликнинг шижоати, кексаликнинг ҳикмати, ватан тараққиёти йўлида бирлашиш каби мавзулардаги шеърлари барчага манзур бўлди.
Дунё саҳнида катта-кичик мамлакатлар муттасил синовдан ўтиб туради. Қийинчиликларни аҳиллик билан, мардонавор енгиб ўтган халқларгина ўзлигини сақлаб қолиб, тараққиётга эришади. Шу боис юртимиздаги бугунги ислоҳотлар, ёшларга яратиб берилган шароитлар, кўп миллатли ватан – Ўзбекистоннинг равнақи йўлида бирлашиш масъулияти мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди. Шунингдек, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибалари, улар эришган ютуқлар, қилган ишлар ҳақида ёшларга айтиб берилди. Туманда узоқ йиллар давомида юрт равнақи, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса авлод вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Уч авлод вакиллари бир дастурхон атрофида ўтириб, фикр алмашишди. Кексаларнинг ўгитлари ёшларни чуқур билим олишга, доим яхшилик қилишга, яхши инсон бўлишга илҳомлантирди. Тадбир санъаткорларнинг катта концерти билан давом этди. Албатта, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг маънан етук бўлиб улғайишига, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактаби билан яқиндан танишишига хизмат қилади.
Ўтказилган тадбирларда ёшларга хос куч-ғайрат, ўрта ва кекса авлод вакилларининг бой ҳаёт мактаби бирлашди. Шу аснода хулосалар қилиниб, иштирокчилар ўзларининг ҳаётий тажрибаси ва касбий фаолиятида орттирган тажрибалари борасидаги қимматли мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.
Туман Маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури ҳамда “Гулпари” ва “Эналар” фольклор гуруҳининг чиқишлари барчага манзур бўлди.
Зарбдор туман ҳокимлиги Ахборот хизмати