Ҳозирда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21-октабрдаги 654-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом”и асосида амалга оширилмоқда.
Мазкур Низомнинг 39-бандига асосан болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
- қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тайинлаш муддати тугаганда (болалар нафақаси тайинлангандан 12 ой ва моддий ёрдам тайинлангандан 6 ой муддати тугаганда);
- ариза берувчи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзоси томонидан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига тўлов тўхтатилишини сўраб ариза тақдим қилинганда;
- оила доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетганида;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимидаги ёки манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари билан идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизимидаги техник носозлик натижасида, маълумотлар электрон равишда тўлиқ ёки қисман тақдим этилмаганлиги сабабли, шунингдек, аризани киритишда ва бошқа техник хатолар оқибатида нотўғри тайинланганлиги аниқланган тақдирда;
- болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш тўғрисидаги қарорга таъсир кўрсатган ариза берувчи томонидан нотўғри ва ишончсиз маълумотлар тақдим этилганлиги ёки тўлиқ тақдим этилмаганлиги сабабли ортиқча тўловлар аниқланганда.
Юқорида санаб ўтилган ҳоллардан бошқа ҳолларда болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўловини тўхтатиш кўзда тутилмаган.
Зарбдор туман Пенсия жамғармаси