Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат коррупциядир. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бунда коррупция жиноятига қарши курашиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида тарихан қисқа давр ичида мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк), шунингдек, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига (2003 йил 10 сентябрь, Истанбул) қўшилиши коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Бюджет, Божхона кодекслари (янги таҳрирда), «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Мазкур чора-тадбирларнинг янги ва янада самарали тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2016 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва 24 ноябрда қуйи палата томонидан қабул қилинган ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 8-сессиясида маъқулланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
«Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик» деганда, «коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш»ни тушуниш лозим.
«Манфаатлар тўқнашуви» «шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият»дир.
Ушбу қонун коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларини ҳам белгилаб берган. Улар қуйидагилардан иборат: қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сифатида Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти белгиланган. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ушбу жиноятларнинг олдини олиш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган иллатларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Жиноят ишлари бўйича
Зарбдор туман суди раиси
Нурматов Шавкат Батирович