Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига асосан тайинланадиган пенсиялар миқдори асосан ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақига боғлиқ. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақларини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қайта ҳисобланади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади. Бунда пенсия сўраб мурожаат этган кишининг хоҳишига кўра, ишга қабул қилиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш муносабати билан иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ ишланган календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.
Пенсия сўраб мурожаат этган киши беш йилдан кам ишлаган ҳолларда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи ишланган календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини шу ойлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади.
Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомидаги исталган кетма-кет беш мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади
Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан оз бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар умуман мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Улуғбек Мамадалиев
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
Зарбдор туман бўлими Пенсия ва нафақалар
тайинлаш ва тўлаш шўбаси катта инспектори