Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 2015 йилдаги резолюциясига асосан аъзо давлатларга ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш амалиётини ўтказишни тавсия этади. Хўш, бу бизга нима беради? Биринчи навбатда, республика аҳолиси ва унинг турмуш шароити тўғрисидаги ишончли маълумотлар айнан аҳолини рўйхатга олиш орқали шакллантирилади.
— Мазкур давлат даражасидаги кенг кўламли, кўп вақт ва маблағ талаб этадиган тадбирни ўтказиш учун халқаро талабларга мувофиқ 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади. Ушбу амалиёт мустақиллик йилларида республикамизда илк бор ўтказилаётганини инобатга олиб, уни ташкил этишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2020 йил 11 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.
Аҳолини рўйхатга олиш ишлари учта босқичдан иборат бўлиб, белгиланган амалиётга киришулгунга қадар 2020—2023 йилларни ўз ичига олувчи тайёргарлик жараёнлари олиб борилади.
— Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала аҳоли ўртасида рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш ҳисобланади, шу мақсадда Давлат статистика қўмитаси томонидан тадбирнинг шиори ва логотипи ишлаб чиқилиб, аҳолини рўйхатга олишнинг расмий веб-сайти (aholi.stat.uz) яратилди. Бу борада рўйхатга олувчиларни танлаш ва ўқитиш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Чунки маълумотларнинг тўғрилиги бевосита уларнинг малака ва амалий кўникмаларига боғлиқ. Шу боис, жараёнга жалб этиладиган ходимлар Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан режа-жадвал асосида махсус ўқитилади. Улар учун услубий қўлланма ва видеодарсликлар ишлаб чиқилиб, зарур ҳолларда, қўшимча маслаҳатлар берилади.
Тайёргарлик босқичи аниқ ва сифатли якунига етказилгач, 2023 йилнинг ноябрь ойида аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланади. Қарор билан белгиланган Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда —қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилади.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини халқаро талабларга мос ва сифатли ўтказишда картографик материалларнинг аниқлиги ҳам муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари) билан таъминлаш вазифаси юклатилди.Аҳоли пунктлари ва кўчаларнинг ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказиш вазифаси қўйилди. Миллий гвардия ва ички ишлар органларига эса аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб этиладиган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш топширилди.
Мазкур вазифаларнинг бари тизимли тарзда амалга оширилгани ҳолда, рўйхатга олиш орқали республика аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисида ишончли маълумотлар тўпланади. Улар аҳоли сони, таркиби ва тақсимланиши бўйича тўлиқ базани шакллантириш билан бирга, Миллий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, уларда фойдаланиладиган демографик ўзгаришлар тенденциялари, меҳнат ресурслари жойлашуви ҳамда илмий тадқиқотлар олиб боришда қўл келади.
Зарбдор туман статистика бўлими