Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » ҲАР КУНИНГИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!

ҲАР КУНИНГИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!

19 март 2022 йил
359
0

Зарбдор туман марказий ўйингоҳида “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остида Наврўз умумхалқ байрами тантаналари бўлиб ўтди.

Тадбирда барча маҳаллалар томонидан турли қандолат, ноз-неъматлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ташкил этилган. Сумалак, кўксомса сингари Наврўз таомлари тайёрланган. Сочларига гулчамбар таққан қизалоқлар кулгуси, дўпписию чопони, белбоғи ўзига ярашган йигитлар суҳбати, ҳаётнинг аччиқ-чучуги, пасту баландини кўп кўрган, шу дориломон кунларга етказгани учун шукроналар айтаётган нуронийлар каломида Ватанга бўлган юксак муҳаббат мужассам. Булар юртимизда фаровонлик, файзу бараканинг ўзига хос ифодасидир.

Зарбдор туман ҳокими Зафар Рузиев туманимиз аҳолисини Наврўз умумхалқ байрами билан қизғин табриклади. Байрам тадбирида халқимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган ҳунармандлар, каштадўзу чеварлар миллий либосларимизни намойиш этди.

Туманимиз раҳбари фаоллар ҳамроҳлигида кўргазмага қўйилган маҳсулотларни кўздан кечирди. Улар билан суҳбатлашиб, байрам билан табриклади.

Туманимиз раҳбари, фаоллар, сайл иштирокчилари спорт мактаби ўқувчиларининг чиқишлари, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари томонидан тайёрланган байрам концерт дастурини томоша қилдилар. Лапарлар, қўшиқлар, халқ термалари, фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари қушлар чуғурига уйғунлашиб кетди. Эртамизнинг эгалари бўлган болалар чиқишлари, уларнинг шўх-шодон кулгулари, мустақил юртнинг баркамол фарзандлари ижросидаги она-Ватанни, кўкламни, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи жарангдор куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага завқ-шавқ улашди. Наврўз, ёшлик ва баркамолликнинг нақадар уйғунлиги кўз ўнгингизда гавдаланади.

Байрам тадбирида туман маданият маркази санъаткорлари ва маданият маркази жамоаларининг чиқишларини тадбир иштирокичлари олқишлар билан қарши олишди. Шунингдек, байрам тадбирида Тошкентдан ташриф буюрган хонандаларнинг чиқишлари ҳам иштирокчилар қалбига завқ-шавқ бағишлади.

Туманининг барча маҳалла ва қишлоқларида Наврўз сайллари давом этмоқда.

Зарбдортуман ҳокимлиги ахборот хизмати.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар