ҲАР БИР МУРОЖААТ – ЭЪТИБОРДА
Мурожаат қилиш – фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Мурожаатлар орқали халқимизнинг кайфияти, шарт-шароити, олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини билиш мумкин.
Мурожаатларга муносабат тубдан ўзгаргани сабаб халқимиз давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар ва жамият олдида масъул эканлигини, халқ манфаати устуворлигини ўз ҳаётларида яққол ҳис қила бошлади.
Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид қўйилган вазифанинг амалда таъминланаётгани натижасидир.
Фармонга мувофиқ ишлаб чиқилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинди, Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланди, 2017 йил 11 сентябрда ЎРҚ-445-сон билан Президент Ш.М. Мирзиёев томонидан имзоланди, 2017 йил 12 сентябрда матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. Унга кўра, янги таҳрирдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун тасдиқланди.
Шулар асосида Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишлаб чиқилди ва 1 февраль куни тест режимида ишга туширилди. Сайт манзили ўзгармаган — pm.gov.uz. Бунда «pm» қисқартмаси — «Президентга мурожаат» тарзида талқин қилинади.
Мурожаат юбориш шакли ҳам ўзгармаган: мурожаатларни 0-800-210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш, pm.gov.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириш орқали ёхуд Халқ қабулхоналарига ташриф буюриб юбориш мумкин.
Президент виртуал қабулхонасининг янги талқинида мурожаатчи ўз хоҳишига кўра, шахсий кабинет очиши мумкин. Бунинг учун жисмоний шахс рўйхатдан ўтиш жараёнида фуқаролик паспортида кўрсатилган шахсий идентификация рақамини ҳам киритиши керак. Бу — мурожаат қилувчи учун идентификациялаш (электрон гувоҳнома) имконияти бўлиб, катта қулайлик яратади.«Фуқароларнинг шахсий кабинети» модулидан кўзланган мақсад — фуқароларга виртуал қабулхона тизимида ишлашда максимал қулайлик яратиш, муайян шахснинг мурожаати билан боғлиқ барча ёзишмаларни бир жойда жамлашдан иборат.
Бахтиёр АРАЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Зарбдор туманидаги Халқ қабулхонаси мудири