Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » КОНСТИТУЦИЯ ВА СУДЛАР МУСТАҚИЛЛИГИ

КОНСТИТУЦИЯ ВА СУДЛАР МУСТАҚИЛЛИГИ

06 декабрь 2022 йил
264
0

 Судьяларнинг мустақиллиги асосий конституциявий тамойил бўлиб, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва самарали фаолиятини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қила олишини таъминловчи шартлардан бири ҳисобланади.

Судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масаладир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Сўнгги олти йилда бу тизимга оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бош қомусимизнинг 112-моддасига биноан, «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.

Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин».

Суд қонун устуворлигини таъминловчи бош механизм бўлиши билан бирга, айни вақтда ҳуқуқий давлатга хос бўлган ҳуқуқ манбаларининг ҳуқуқий қўлланилиши ва ҳимоя қилинишини назорат қилади.

Судьялар мустақиллигини таъминлашнинг кафолати тизими “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 63-моддасида қайд этилган бўлиб, ушбу кафолатлар судларнинг мустақиллиги конституциявий тамойилини кўриб чиқишда ҳам эслатиб ўтилган эди.

Шунинг билан бирга суд мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий норма амалда тўлиқ ишлайдими?

Бу масалада Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда ана шу муаммолар таҳлил қилиниб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, судга аралашувларнинг олдини олиш учун судьяларнинг ваколат муддати узайтирилди, маоши кескин оширилди. Уларни лавозимга тайинлаш Судьялар олий кенгашига ўтказилди. Лекин бу борада ҳалиям айрим бўшлиқлар бор.

Шу боис Президент судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Вилоят судлари масъулиятини ошириш, жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатларига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Судьялар ҳамжамиятининг ваколатларини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъқулланди.

Давлатимиз раҳбари соҳада рақамлаштиришни кенгайтириб, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд мустақиллигини таъминлаш борасида яна бир қанча қонун ва қонун ости норматив ҳужжжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб, амалиётга жорий этиш лозим бўлади. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ҳамда хорижий инвесторларнинг судларга бўлган ишончини янада оширишга ҳамда жамиятимиз ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Конституциямиз эса бўлаётган ўзгаришларга бош омил, судлар мустақиллигини таъминловчи мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.

 

Шоҳрух Мирзаахмедов,
жиноят ишлари бўйича Зарбдор

туман суди раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар