КОНСТИТУЦИЯ ВА ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИМИЗ
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституция қабул қилиниши баробарида мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилган.
Ўзбекистон Конституцияси энг тараққий этган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.
Конституцияга кўра Ўзбекистон – Президентлик бошқарув шаклидаги суверен демократик республика ҳисобланади. Конституцияда давлатни, жамиятни ривожлантиришнинг демократик омиллари белгилаб берилган бўлиб, унда Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.
Президент Конституцияга, қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар, фармойишлар қабул қилади.
Конституцияда Ўзбекистон Президенти фуқаролар томонидан умумий, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши белгиланган.
Ўзбекистон Конституциясига кўра жамият ҳамда давлатнинг ҳаётидаги энг муҳим масалалар умумий овоз (референдум)га қўйилиб, ҳал қилинади.
Конституцияда Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган республика Олий Мажлиси ҳамда Президенти иш олиб бориши кўзда тутилган бўлиб, Давлат ҳокимияти эса учга – қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятига бўлинади.
Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ давлат ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Бироқ, республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари уларнинг анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши, ривожланишлари учун шарт-шароит яратилиши ҳам назарда тутилган.
Мамлакатда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлибгина қолмай, Конституцияга кўра давлат ўз ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.
Конституция, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанлари ичида эркин ҳаракатланишлари, истаган жойларига кўчиб бориб яшаш ҳуқуқларини ҳам кафолатлайди.
Конституцияда ҳар ким эркинлик ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Унга кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланишига йўл қўйилмайди.
Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда кўриб чиқилмагунча қийноққа солиниши, унга нисбатан зўравонлик, шафқатсиз ёки
қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақидаги нормалар белгилаб қўйилган. Уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилиги тажрибаси, шунингдек халқаро инсон ҳуқуқлари мезонлари акс этган асосий қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани белгилаб қўйилган. Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида ягона шакл, яъни Конституция шаклига келганини кўрамиз.
Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди.
Кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган. У умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади. Узоқ асрлар давомида башарият минглаб қоидалардан ва низомлардан жамият учун асосийларини танлаб олди. Айнан ана шу танлаб олинган қоидалар Конституциямиз яратилишига пойдевор бўлди. Конституцияда баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, ҳеч бир одам уларсиз яшай олмайди, негаки, инсоннинг ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаолияти кўпинча мамлакат асосий қонунига киритилган қоидалар ва моддаларга боғлиқдир.
Бош қомусимиз муқаддимасида инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик тантанали равишда эълон қилиниб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англанган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён этилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўзланиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида мазкур Конституция қабул қилинганлиги баён этилган.
Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар албатта халқ фаровонлиги, тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва элатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни таъминлайди, инсоний қадриятларнинг бош кафили бўлиб қолади.
Бунинг учун ҳар бир шахс Конституцияни билиши, унда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланиши ҳамда бурчларни виждонан адо этиши, ўзининг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориши, атрофдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши муросасизлик руҳида яшаши лозим бўлади.
Ҳар бир ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий фаолият ортида ягона ҳимоячимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси борлигини унутмаслик лозим!
Шоҳрух Мирзаахмедов,
жиноят ишлари бўйича Зарбдор
туман суди раиси