Конституциявий қонун лойиҳаси таълим тизимида қандай ўзгаришларни назарда тутади?
Aйни кунларда юртимизда кечаётган муҳим сиёсий жараёнлардан бири бу – конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳокамаси десак муболаға қилмаган бўламиз.
Aйни кунларда юртимизда кечаётган муҳим сиёсий жараёнлардан бири бу – конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳокамаси десак муболаға қилмаган бўламиз.
Жаннатмакон юртимиз азал-азалдан таълим-тарбияда ўрнак, фанда эса илм-маърифат ўчоғи вазифасини ўтаб келган. Қанчадан-қанча буюк илм-у толиблар, машҳур кашфиётчилар ҳам айнан бизнинг юртнинг фарзандлари бўлганлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўша машҳур икки уйғониш даври, инсонлар онгида илмий қарашлар аста-секинлик билан шаклланиб бораётган бир пайтдан, Беруний ер куррасини қандай тузилганлиги ҳақида ўз қарашиларига эга бўлган, инсонлар ўзига хос мулоқот шаклларини тушуниб, ўз тилларида ижод қилишни бошлаётганда, буюк аллома Фаробий етмишга яқин тилни билган ва бир юз элликдан ортиқ асарлар ёзган.
Бу эса бир инсон қилиши мумкин бўлган энг улкан ишлардан биридир. Бу маълумотлар эҳтимол кўп тилга олиниши сабабли сийқаси чиққандек туюлар, аммо айни дамда бу буюк шахсларни эслаб ўтишдан мақсад мутлақо бошқадир. Улар яшаган даврда илм-фаннинг шу даража тараққий этишига сабаб нима бўлганлиги, давр сиёсий тизими ҳақида сўз боради. Кучли давлат қандай шаклланади? Aлбатта кучли сиёсий тизим, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, унинг қадр-қиммати юксакларга кўтарилса, қонун ҳар доим устун ва устувор бўлса, шубҳасиз, буюк давлат ҳосил бўлади.
Ўз даврида қатъияти билан машҳур бўлган кучли сиёсат арбоби Aмир Темур ҳукмронлик қилган даврда юрт қиёфаси тубдан ўзгарган. Унинг даврида фанда жуда катта ютуқларга эришилган. Aмир Темур илм фанга ҳомийлик, таълимга еътиборни давлат сиёсати даражасига кўтаради. Бугун хам Учинчи Ренессанс шиддат билан бораётган бир пайтда, ушбу уйғонишни том маънода мустаҳкам пойдевори вазифасини ўтовчи Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясининг қабул қилиниши йўлида қизғин ҳаракатларнинг олиб борилаётганлиги таҳсинга сазовор.
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган, Конституциявий қонун лойиҳасида илм-фан учун янада кенг имкониятлар эшигини очувчи ҳуқуқларнинг киритилишини кузатиш мумкин. Хусусан, қонун лойиҳасида келтирилган, Конституциянинг 41-моддасига киритилаётган қўшимчаларга кўра, « Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашади. Давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди» деган норма таклиф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқида «Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий масканларни Учинчи Ренессанснинг энг муҳим пойдевори ҳисоблаймиз» - деб таъкидлаган эдилар. Киритилаётган ушбу қўшимча, билими мустаҳкам ёшлар тарбияси учун катта аҳамият касб этади. Мактабгача таълим тизимида олган билимларни болалар ҳеч қачон унутмайди, яъни инсон умри давомида олиши мумкин бўлган маълумотларнинг қарийб 70 % ини айнан 5 ёшгача бўлган даврида олишини ҳисобга олганда бу қўшимча ўта аҳамиятли десак муболаға бўлмайди.
Иккинчи Ренессанс бунёдкори Aмир Темур давлатида амалдорларга «мударрислар ва шайхларга кундалик маошларини белгиласинлар. Сайидлар, уламо, машойих, фузало, улуғларни азиз тутсинлар деган вазифани қўйганлиги «Темур тузуклари» да акс этган. Эҳтимол, оламшумул ютуқларга сабаб, устозларнинг улуғланиши, уларнинг машаққатли меҳнатининг муносиб равишда қадрланишидир. Негаки, устозлар йўлчи юлдуздек, тўғри манзилни топишда ўрганувчиларга кўмак беради.
Учинчи Ренессанс, Янги Конституцияда ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳуқуқий мақомининг мустаҳкамланиши қувонарли ҳол. Киритилаётган ўзгартиришга кўра, «Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда маъсулиятли вазифадир. Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди». Тараққиёт стратегиясининг 4-йўналишида белгиланган мақсадларга назар ташлайдиган бўлсак, ўқув ўринларининг сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш, Олий таълим билан қамров даражасини 50 % га етказиш ва таълим сифатини юқори даражага ошириш вазифа сифатида қўйилган.
Бундан ташқари янги Конституция лойиҳасининг таълимга йўналтирилган моддасида, «давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ва ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади». Бу эса шуни англатадики, таълим муассасаларининг сони кескин ортади, яъни фақат давлат таълим муассасалари эмас, балки хусусий таълим муассасалари ҳам кўпаяди. Натижада ўқитувчиларга бўлган талаб ошади, юқоридаги мақсадларга еришиш биринчи навбатда педагог ходимларнинг ҳуқуқларини, айниқса давлат ҳимоясида эканлигини, фаолиятига аралишишга йўл қўйилмаслигини Конституция даражасида кафолатлашни талаб қилади.
Aгарда, мактабгача таълимдан то олий таълимни тугатгунча ушбу қатъий тизимга амал қилинса, албатта янгитдан-янги дунёни лол қолдиргувчи зотлар етишиб чиқиши табиий. Хусусий боғча ва мактабларнинг қурилиши эса давлат таълим муассасалари билан ўзига хос рақобат муҳитини яратади. Рақобат бор жойда, ўсиш бўлади. Педагог ходимлар ўз меҳнатига яраша жавоб олишлари, уларнинг мақомининг янада мустаҳкамланиши касбга бўлган масъулиятни оширади. Шунчаки, зерикарли ва вақтни ўғирловчи дарс соатлари энди виждонан ва меҳр билан ўтилади.
Мухтасар қилиб айтганда, Конституцияга киритилаётган таълим олишга оид ҳуқуқларнинг такомиллаштирилиши биз ва бизга ўхшаган талаба- ёшларга ўз устимизда ишлашимиз ва олган билимларимизни Ватанимиз равнақи учун сарфлашимизга кенг ҳуқуқий имкониялар яратади.
✍Тошкент давлат юридик университети талабаси Бахтиёрова Фарангиз