БАҲОРГИ ДАЛА ИШЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА МАВЖУД ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАЛАРИНИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН КЎРГАЗМАЛИ ЎҚУВ СЕМИНАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ.
Зарбдор туманида баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини техник соз ҳолатга келтириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, баҳорги дала ишларига тайёргарлик кўриш ва мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ишларига бағишланган кўргазмали ўқув семинари ташкил этилди.
Ўтказилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлими инспекторлари, фермерлар, шунингдек, соҳага оид бошқа корхона ва ташкилот вакиллари иштирок этди.
Техника-фермерга қўш қанот деганларидек, кўргазмали семинарда дастлаб мутахассислар томонидан шай ҳолатга келтирилган чопиқ тракторлари, культиваторлар, чигит экиш сеялкалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларининг қай даражада сифатли таъмирдан чиқарилганлиги кўздан кечирилди. Бунда эски эҳтиёт қисмларининг янгисига алмаштирилганлиги, носоз ҳолатга келган деталлардаги камчиликлар бартараф этилгани, техникаларнинг юз қисмида бўёқлаш ишларининг амалга оширилгани кабиларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, ўқув семинарида қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифатли таъмири қандай бўлиши ва уни қабул қилиб олишда эътибор қаратиладиган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Мисол учун сифатли таъмирланган тракторлар детал ва узелларнинг созлик даражасига кўра қабул қилиб олинади. Яъни, ёнилғи, мой ва бошқа суюқликлар томчиламайдиган, детал, узел ва агрегатлар пухта маҳкамланган, ўлчов, ёритиш ва электрон асбоблар яроқли, капот, ойна ва кабина эшиклари шикастланмаган, мажбурий жойлар ёғланган бўлиши лозим.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксарият ҳолларда тишли бороналарда тишлар маҳкамланадиган планкалар ва борона секцияларини бир-бири билан улайдиган илгакларнинг эгилиши ва буралиши, тишларнинг ўтмасланиши, ейилиши ва эгилиши каби нуқсонлар учрайди. Таъмирланган тишлар бир хил узунликда бўлиши ҳамда ўткир учининг қалинлиги 2 мм. дан ошмаслиги лозим. Янги тишнинг узунлиги 16 сантиметр бўлади. Борона планкалари ва тишларининг эгиклиги 3 мм. дан ошмаслиги зарур. Тишлар планкага гайка ва шайбалар ёрдамида маҳкамланган бўлиши ҳамда улардаги резьбаларнинг 2–4 ўрами гайка юзасидан ташқарига чиқиб туриши керак. Шунингдек, тишлар планкаларга қирраси ва ўткир томони билан ҳаракат йўналишига қараб турадиган қилиб ўрнатилиши даркор.
Шунга кўра, туманда ҳар бир қишлоқ хўжалиги техникаси таъмир шартларини тўлиқ бажарганлиги бўйича қабул қилиб олинмоқда. Зарур ҳолларда, таъмирга оид керакли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Бугунги кунга қадар ҳудудда ғалла ўриш комбайнларидан ташқари барча техникалар мавсумга тахт ҳолатга келтирилмоқда. Мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган техникаларга эса Инспекциянинг туман бўлими томонидан техник кўрикдан ўтказилганлиб, сертификатлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу семинарда "Миллий оқ олтин" МЧЖ биолаорияси ҳам "Зарбдор парранда" МЧЖ фаолияти ҳам семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Зарбдор туман ҳокимлиги Ахборот хизмати