Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари тушунчаси, салбий оқибатлари”

“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари тушунчаси, салбий оқибатлари”

09 март 2022 йил
487
0

Республикамизда кенг тармоқли транспорт тизими барпо этилган бўлиб, у мамлакат ичкарисида ва ташқарисида юк ҳамда йўловчилар ташишни, яқин ва олис хорижий мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни таъминлайди. Шу билан бирга транспорт воситаларининг купайиши уларни бошқариш вақтида хавфсизлик чораларига риоя қилишга янада масъулият билан ёндашишни талаб қилмоқда. Зотан, транспорт воситалари билан боглиқ ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар таҳлили ҳайдовчилар томонидан ҳамма вақт ҳам хавфсизлик чораларига риоя қилинмаётганидан далолат бермоқда. Бу эса жамиятимизга, аниқроги, фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши аниқ. 

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг сонини йилдан-йилга ошишига олиб келган сабаблар сифатида қуйидаги омилларни киритиш мумкин, яъни транспорт воситаларининг кўпайиши, маст ҳолатда транспорт воситаларини бошқариш, тезликни ошириш ва бошқа йул-ҳаракат хавфсизлиги қоидларига риоя қилмаслик ва бошқа ҳолатлар.

Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича қўзгатилган жиноят ишларининг тахлили шуни кўрсатмоқдаки, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар асосан маст, жисмонан чарчаган ҳолатда (кўпроқ такси ҳайдовчилари) ёки тезликни ошириш натижасида жиноят содир бўлишига имконият яратилган. Айниқса, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини ҳаракат тезлигини меъёридан ошириши натижасида кўпроқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятининг ярмидан кўпи айбланувчиларнинг руҳий ҳолати меъёрда бўлмаган вақтда содир этилган. Ушбу жиноят содир этилишига қуйидагилар сабаб бўлаётганини таъкидлаш мумкин, жумладан, ҳайдовчилик малакаси (амалиёти) нинг камлиги, ёшларга хос бўлган шошқалоқлик, ўзини кўрсатиш, ўзига жуда ишониш, ҳайдовчиликка ўқитиш жараёнида юзаки билим бериш ва мураббий назорати остидаги автомобилни бошқариш амалиётини жуда кам ўташ бу тезкор вазият вужудга келганда ҳайдовчининг ўзини йўқотиб қўйишига олиб келади, руҳий толиқиш, айниқса, такси ҳайдовчиларининг дам олмасдан (толиққан ҳолда, саккиз соатдан кўп вақт мобайнида) автомобиль бошқариши, маст ҳолатда, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан транспорт воситаларини бошқариш, техник жиҳатдан носоз бўлган транспорт воситаларини бошқариш ва бошқалар.

Бугунги кунда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини батамом тугатиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи омилларни тўлиқ бартараф этиш имконияти йўқлиги ҳаммага аён. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар буткул тугатилмаган. Аммо бу турдаги жиноятларнинг сонини камайтириш, олдини олиш имкониятлари мавжуд.

Транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш учун, биринчи навбатда, ҳайдовчиларнинг руҳий ҳолатига эътибор бериш лозим. Ўзбекистон Республикасининг 2013-йил 10-апрелдаги, 348-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгрисида” ги Қонунининг 23-моддасида, йўл ҳаракати хавфсизлигини тиббий жиҳатдан таъминлаш ҳайдовчиларни мажбурий равишда дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан, шу жумладан, рейс олдидан тиббий кўриклардан ўтказиш амалга оширилиши кўрсатилган бўлсада, амалда мажбурий дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш масалаларига юзаки қаралиб келинмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўгрисидаги кодексда ҳам бундай қоидани бузганларга қўшимча маъмурий жазо сифатида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни амалга ошириш кўзда тутилмаган.

Айрим ҳолларда битта ҳайдовчи томонидан бир-неча қоидабузарлик содир этилади. Ушбу қоидабузарликлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тегишли маъмурий жазо чоралари қўлланилади. Аммо масалани иккинчи томони, яъни ҳайдовчи нима сабабдан кўп қоидабузарликлар содир этганлиги аниқланмайди, унинг руҳий ҳолатида ўзгариш бўлган ёки бўлмаганлиги текширилмайди. Ҳолбуки, фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш чоғида соғлом бўлиши мумкин, вақт ўтиб эса унинг руҳиятида ўзгариш бўлганлигини атрофдагилар билмаслиги мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўгрисидаги кодекс 128-моддасининг учинчи қисмида, бир йил мобайнида шу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган хуқуқбузарликлардан учтасини содир этиш учун, тўртинчи қисмида эса бир йил мобайнида ҳукуқбузарликлардан тўрттасини ва ундан кўпроғини содир этиш учун маъмурий жазо чоралари кўрсатилган, яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бошқа транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун жавобгарлик ўрнатувчи моддаларида фақат такроран содир этиш учун жавобгарлик белгиланган.

Жамоатчилик фойдаланадиган йўлда (жамоат жойида) транспорт воситалари билан боғлиқ кўп марта қоидабузарлик содир этган шахсларни руҳий жиҳатдан мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш вақти келган кўринади.

Чунки қоидабузар на фақат ўзининг, балки атрофдагиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 128-моддасининг тўртинчи қисми санкциясида кўрсатилган жазо турларига қўшимча тарзда ҳайдовчини руҳшунос шифокор кўригидан мажбурий ўтказишни белгилашнинг ҳам мақсадга мувофиқлиги тўғрисида, қонун ижодкорлиги ташаббускорлиги нуқтаи назаридан Олий Мажлис қонунчилик палатасига судлар томонидан, шу масалада тегишли таклифлар киритиш чоралари кўрилмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишида, жумладан, ҳаракатланиш тезлигини оширганлиги натижасида, ҳайдовчиларнинг айбдорлиги ёки айбсизлиги масаласини ҳал этишда “Йўл ҳаракати қоидалари” нинг XI-банди талабларидан келиб чиқиш лозим бўлиб, унга кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, хусусан, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда бошқариши керак.

Шу талабдан келиб чиқиб, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлганда, агар ҳайдовчида буни пайқаши имконияти бўлса, у транспорт воситасини тўхтатиш даражасигача тезликни камайтириш чораларини кўриши лозим.

ЖК нинг 266-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик, фақат, ҳайдовчида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият мавжуд бўлганда ва унинг ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатлари билан келиб чиққан оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги аниқланган тақдирда келиб чиқади.

Ҳайдовчиларда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият бор-йўқлиги масаласини ҳал этишда, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлган пайт, ҳар бир муайян ҳолатда, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгунга қадар йўлда мавжуд бўлган вазиятни инобатга олган ҳолда аниқланишидан келиб чиқиш лозим. Ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлган вақт, ҳайдовчи уни пайқай олиши учун объектив имкониятга эга бўлган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Агар ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасини содир этишда айбдор бўлмаса, бироқ, жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғи унинг иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида хавф остида қолдирилган бўлса, ҳайдовчи томонидан жабрланувчига ёрдам кўрсатишга доир “Йўл ҳаракати қоидалари” нинг 13-бандида белгиланган мажбуриятларни бажарилмаганлиги ЖК 117-моддасининг тегишли қисми бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган шахсга била туриб ёрдам кўрсатмаслик деганда, транспорт воситаси ҳайдовчиси жабрланувчи ёшлиги, кексалиги, касаллиги ёки ожиз аҳволда бўлганлиги сабабли мустақил равишда тиббий ёрдам сўраш имкониятига эга эмаслигини, унинг ҳаёти ёки соғлиги учун хавф мавжудлигини англаган, бироқ унга зарур ёрдам кўрсатмаган (масалан, ҳайдовчи ҳодиса жойидан яширинган, биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган, тез тиббий ёрдам чақирмаган, жабрланувчини яқин орадаги даволаш муассасасига олиб бормаган ва шу каби) ҳоллар тушунилиши лозим.

Ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган жабрланувчига била туриб ёрдам кўрсатмаслик мотивлари, шунингдек, ҳайдовчининг бошқа шахслар томонидан ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги ҳақидаги важлари айбдорнинг ҳаракатларини квалификация қилишга таъсир этмайди.

 

Жиноят ишлари бўйича

Ғаллаорол туман суди

раиси У.Хидирбоев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар