Телефонлар:
(0372) 492-25-05
(0372) 492-24-95
» » “Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш” мавзусида

“Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш” мавзусида

29 июль 2022 йил
601
0

Судлар вояга етмаганларга оид жиноятлари ҳақидаги ишларини кўришда асосан қонунларни тўғри татбиқ этилишини қаътий таъминлаш билан, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни лозим даражада аниқлаш, уларни бартараф қилиш чораларини кўришлари лозим.

Вояга етмаганларнинг жиноят ишларини кўришда, иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва судланувчининг шахсини эътиборга олган ҳолда аниқланган ҳақиқий ҳолатлар ва далиллар мажмуасига тўғри баҳо берилиб, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда қонунда кўрсатилган хусусият ва имтиёзларидан тўла фойдаланишга қаратилиши лозим.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш вақтида судлар айбланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш сифатидаги эҳтиёт чорасининг асосли эканлигини синчиклаб текширишлари, айни вақтда ЖПКнинг 242, 243-моддаларига ва Олий суд Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги «Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарорида кўрсатилган тушунтиришларга мувофиқ бундай эҳтиёт чораси судланувчининг шахси, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси шуни тақозо этган ҳоллардагина қўлланишини назарда тутишлари лозим.

Вояга етмаганнинг қамоққа олиниши асоссиз деб топилган ҳолларда суд дарҳол эҳтиёт чорасини ўзгартириши лозим бўлади.

Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўришда шуни назарда тутиш лозимки, айбланувчи бу пайтга келиб вояга етган-етмаганлигидан қатьи назар, бундай ишлар бўйича адвокат иштирок этиши шарт. Ушбу қоида шахс жиноятчилардан бирини 18 ёшга тўлмасдан олдин, бошқасини вояга етганидан сўнг содир этганликда айбланган ҳолларда ҳам амал қилади.

Жиноят процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ дастлабки тергов жараёни ва судда вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари бўйича адвокатнинг иштирок этиши шарт. Мазкур қоида ЖПК 52-моддаси талабига кўра, вояга етмаган шахс ҳимоячидан воз кечганда ҳам татбиқ этилади. Ушбу процессуал қонун талабларига риоя қилмаслик ЖПК  419, 487-моддаларига асосан, ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўладиган жиноят процессуал Қонуннинг жиддий бузилиши деб баҳоланади.

Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолларда унинг иштирокисиз аниқланган ҳар қандай далил юридик кучга эга эмасдир.

Жиноят-процессуал кодексининг 551 ва 562-моддаларига мувофиқ суд вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жи­ноят ишлари кўриладиган вақт ва жой ҳақида уларнинг ота-онасини, ота-она ўрнини босувчи шахсларни, васийлик ёки ҳомийлик органи вакилларини, вояга етмаганлар ўқиган ёки ишлаган корхона, муассаса, ташкилотни, вояга етмаганларнинг ишлари бўйича шуғулланувчи комиссияни, фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари вакилларини, зарур бўлса бошқа ташкилотларни ҳам хабардор қилади. Суд бу ташкилотларнинг вакил­ларини, судланувчининг васий ёки ҳомийсини, вояга етмаган­ларнинг ишлари бўйича шуғулланувчи комиссиянинг вакилла­рини гувоҳ сифатида сўроқ килиш учун суд мажлисига чақиришга ҳақлидир.

Вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили масаласи ҳал этилаётганда шуни назарда тутиш керакки, ЖПК 60-моддасининг 2-қисмида келтирилган қонуний вакил бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг рўйхати қатъий берилган.

Агар вояга етмаганнинг ота-онаси бўлмаса ва у ёлғиз яшаётган ёхуд тегишли равишда васий ёки ҳомий этиб тайинланмаган шахс билан яшаётган бўлса, суд вояга етмаганнинг қонуний ва­кили сифатида васийлик ёки ҳомийлик органининг вакилини чақириши зарур.

Судлар ЖПК 548-моддасига кўра, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар каторига ёшини ва шахсини аниқлашлик ҳам киришини назарда тутишлари зарур. Айни вақтда, шу нарсани эътиборда тутиш керакки, шахс туғилган кунидан бошлаб эмас, балки туғилган куни ўтганидан сўнг, яъни эртаси куннинг ноль соатидан бошлаб жиноят учун жавобгарлик бошланадиган ёшга тўлган деб ҳисобланади.

Судлар ишда албатта вояга етмаганларнинг туғилиш гувоҳномаси ёки паспортидан фотонусха мавжудлигига аҳамият беришлари керак. Ишда бундай ҳужжатлар йўқлиги аниқланган тақдирда суднинг ўзи бундай камчиликни бартараф қилиши зарур.

Судланувчининг ёши суд-тиббиёт экспертизаси томонидан аниқланаётганда, унинг туғилган куни деб, экспертлар аниқлаган йилнинг охирги куни ҳисобланади. Ёш энг кам ва энг кўп йиллар миқдори билан аниқланганда, суд экспертлар томони­дан белгиланган энг кам ёшдан келиб чиқиши лозим.

Шуни назарда тутиш лозимки, ЖК 87-моддасининг 3-қисмига кўра, вояга етмаган шахс ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолган бўлса ва содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етмаса, суд жазо ўрнига мажбурлов чораси қўллаш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиши шарт.

Судларга ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахсларга ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни такроран содир этган вояга етмаган шахсларга нисбатан ЖКнинг 88-моддасида кўрсатиб ўтилган мажбурлов чораларини кенгроқ қўлланиши кўрсатилган.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахс, агар содир этилган қилмишининг хусусияти, айбдорнинг шахси ва ишнинг бошқа ҳолатларини эътиборга олиб, суд уни жазо қўлламасдан туриб ҳам тузатиш мумкин деган хулосага келса, ишни кўриш учун тайинлаш босқичида ишни тугатиш ва уни вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссияда кўришга юбориш ҳақида ажрим чиқаради.

Жиноят кодекси 87-моддасининг 2 қисмида кўрсатилган асослар билан вояга етмаган шахсни жазодан озод этиш ва унга нис­батан шу кодекснинг 88-моддасида кўрсатилган мажбурлов чораларини қўллаш юзасидан суд жазо тайинламасдан туриб жазо­дан озод этиш ҳақида ҳукм чиқаради.

Вояга етмаган судланувчининг ақли норасолигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, вояга етмаганнинг ақлий ривожланишида ортда қолгани ёки ортда қолмагани ҳақидаги масалага аниқлик киритиш учун комплекс суд-руҳиётшунослик экспертизаси тайинланиши лозим.

Мазкур масалаларнинг ечими экспертлар комиссияси ихтиёрига ҳавола этилиши ҳам мумкин. Бунда вояга етмаганнинг ақлий ривожланиши, унинг ёшидан нақадар ортда қолганлиги, ақли заифлиги қай даражада эканлиги ҳақидаги саволларга жавоб бериш шарт қилиб қўйилиши керак.

Жиноят кодекси 55-моддасининг «г» бандига кўра, жиноятнинг жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилиши натижасида со­дир этилиши, ёхуд вояга етмаган шахснинг моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги сабабли содир этилиши жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат эканлигини ҳам назарада тутиш керак. Шу муносабат билан судлар вояга етмаган шахсга нисбатан айнан қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлигини аниқлашлари шарт.

Суд вояга етмаганларга жазо тайинлаш масаласини ҳал этаётганда, биринчи навбатда, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, ана шу шахсларга оид маълумотларни ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутиб, озодликдан маҳрум қилиш би­лан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаш имкониятини муҳокама қилиши лозим. Суд айбдорни жамиятдан ажратмасдан туриб қайта тарбиялашнинг имконияти бўлмаган ҳоллардагина озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони тайинлаши мумкин. Айни вақтда ҳукмда суднинг бу тўғрисидаги хулосаси асослантирилиши шарт.

Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари юзасидан ҳукм чиқаришда уларнинг жиноий қилмишларига холисона баҳо берилиши, уларга нисбатан ЖКнинг 72, 87-моддаларини қўллаш масаласини судлар атрофлича, ҳар томонлама муҳокама қилишлари лозим.

Судлар вояга етмаганларга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаганларида судланганга синов муддати даврида қандай муайян мажбуриятлар юклатилишини (ўқишни якунлаши, ишга жойлашиши ва ҳ.к.лар) ҳукмда аниқ кўрсатишлари шарт.

Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланаётганда Жиноят кодексининг 85-моддасини татбиқ этишнинг ўзи етарли бўлиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўшимча қўллаш талаб этилмайди. Судланувчига у айбдор деб топилган Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасида на­зарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазоларнинг тайинланиш ҳоллари бундан мустаснодир.

Судлар вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари судда кўрилаётганда жиноятни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш учун хусусий ажрим чиқаришлари шарт.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этилиши ва уларни назоратсиз қолдириш ҳолларининг олдини олувчи ҳамда улар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиши сабаблари, шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини амалга оширувчи орган ҳисобланишига эътибор қаратилсин.

Шу боис судлар вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда ушбу комиссияларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажарган-бажармаганликларини аниқлаб, уларнинг фаолиятини холисона баҳолаб, аниқланган камчиликларга нисбатан албатта тегишли муносабат билдиришлари шарт.

 

Н.Эрназаров, Жиззах вилоят суди судьяси

У.Хидирбоев, Жиноят ишлари бўйича

Ғаллаорол туман суди раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар