Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тазйиқларни олдини олишга қаратилган қонун ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти
Бугунги кунда давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда аёллар сони кам эканлиги давлатимиз раҳбари томонидан ҳам бир неча бор танқид остига олинмоқда.
Аёллардан раҳбар кадрларни тайёрлаш, уларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш бугунги куннинг долзарб мавзуси ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу соҳада кўплаб ишлар қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.
Барчамизга маълумки, БМТ маълумотига кўра дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи турли кўринишдаги тазйиққа учраб келмоқда. 87 минг нафар аёл тазйиқлар оқибатида, шулардан 50 минг нафари (58 фоизи) айнан оила азолари ёки бирга яшаб турган эркаклар томонидан ўлтирилганлиги қайд этилган. Бу кўрсаткичлар бутун дунё бўйича олинган бўлсада, ҳар бир мамклат бу каби салбий ҳолатларга ички имкониятлари, қонунчилиги ва кескин чоралар кўриш билан қарши туриши лозим.
Ҳақиқатан аёл зоти уни қанчалик эркаклар билан тенглаштиришга уринмайлик, ўзининг нозик табиати, кескин ҳиссиётларга берилувчанлиги, жисмоний кўмакка муҳтожлиги ва энг муҳими аёл-оналиги билан ажралиб тураверади.
Шуни унутмаслик керакки, қадимдан жамиятимизда аёл, энг аввало, оила бекаси сифатида тилга олинади. Демак аёлнинг оила, эр ва фарзандлар билан боғлиқ юмушлари бир маромга етгачгина, у ўзининг давлат ва жамият учун танлаган касби билан етарли даражада шуғуллана олади. Ҳаттоки, давлат органида муносиб лавозимларда туриб ҳам оиласида тазйиқларга учрайдиган аёллар йўқ эмас.
Мана шундай муаммоли ҳолатларни бартараф этиш, аёл давлат ҳимоясида эканлигини яна бир бор кўрсатиш ва таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган.
«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда аёлларни жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишни тақиқланишига алоҳида урғу берилган. Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади. Қонунда аёл ёки эркакларга бериладиган айрим имтиёзларни жинс бўйича камситиш деб баҳоламаслик кўрсатиб ўтилган. Булар:
бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;
қонунда белгиланган тартибда муддатли ҳарбий хизматга чақириш;
ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;
хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилишда уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;
мажбуриятлар фақат муайян жинсдаги шахслар томонидан бажарилиши мумкинлигига асосланган ҳолда касбий малакага доир тавсиялар бериш;
қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш;
хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган ижобий чоралар.
Бундан ташқари эндиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилиши ҳам мажбурий этиб белгиланди. Унга кўра ҳужжат лойиҳасида жинс бўйича бевосита ва билвосита камситиш имконини яратадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг лойиҳасининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқ эмаслиги аниқланса ҳужжат қабул қилинмайди.
Яна шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, ушбу норматив ҳужжатлар билан бугунги кунда мавжуд бўлган аёллардаги боқимандалик кайфияти, яъни эркак киши аёл учун барча моддий муаммоларни ҳал этиб бериши кераклиги, оилани фақатгина эркак таъминлаши, фарзандлар таъминоти эркаклар зиммасидаги вазифа деган қотиб қолган стереотиплардан фарқли ўлароқ, эр ва хотиннинг оила ва меҳнат муносабатларида тенглигини ҳам ўрнатиб беради. Ушбу норма Конституция ва Оила кодексида ҳам таъкидлаб ўтилган бўлсада, мазкур Қонун бу борадаги қоидаларни аниқроқ очиб беришга қўйилган қадам бўлди, десак хато қилмаган бўламиз.
Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча жамиятларда, жумладан, Исломда ҳам қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади. Уларга нисбатан ҳеч қандай куч, зўравонлик, уриш, калтаклашни ишлатиб бўлмайди. Насиҳат қилиш, у кор қилмаса, секин туртиб огоҳлантириш, у ҳам кор қилмаса, ётоқларида тарк қилиш кўзда тутилган. Шунга қарамай тазйиққа учраётган, шунга қарамай жамиятдаги қоралашлар ва оила ҳамда фарзандларни ўйлаб чидаб келаётган аёллар ҳам мавжуд
“Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун жабрланувчиларга ҳимоя ордери берилиши кўзда тутилган.
Бу нима дегани?
Ҳимоя ордери Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.
Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.
Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:
тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);
тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклатиш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.
Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.
Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.
Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг жамиятдаги ва оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қанча имкониятлар яратилмасин, ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланиш, берилган имтиёзларни жамият ва давлат равнақи йўлида тўғри қўллай олиш ҳар бир фуқаронинг ўзига ҳаволадир.
Жиноят ишлари бўйича
Зарбдор туман судининг
раиси Ш.Х.Мирзаахмедов