ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШАМИЗ!
Бугун Зарбдор тумани ҳокимлиги кичик мажлислар залида Зарбдор туман ҳокимлиги, “Истиқболли авлод” ННТ ходимлари, туман прократураси, Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди раиси, туман Адлия бўлими, туман Мудофаа ишлар бўлими, туман ИИБ ва тумандаги ташкилот ва корхоналарнинг масъул ходимлари иштирокида “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Одам савдоси кўпинча ноқонуний тарзда чет мамлакатларга бориб меҳнат фаолияти билан шуғулланиш туфайли юзага келмоқда. Нолегал меҳнат миграцияси натижасида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, божхона ва солиқ қонунчилигини қўпол тарзда бузиш каби нохуш ҳолатлар юз бермоқда.
Жиноятчилар, уюшган жиноий гуруҳлар ўз ватандошларининг соддаликлари, ишонувчанликлари ва етарли ахборотга эга эмасликлардан фойдаланиб, уларни қулликка маҳкум этмоқдалар. Натижада, алданган фуқароларимиз ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоб-уқубатларга дучор бўлаяпти. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Одам савдоси инсоният цивилизациясига, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли уюшган жиноятчилик, хусусан, халқаро терроризм, наркобизнес, қурол-яроғларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ўта оғир жиноятлар қаторида одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш бугун жаҳон афкор оммаси учун долзарб муаммо бўлиб турибди.
Айрим кишиларнинг соддалиги ва ишонувчанлиги сабабли моддий муаммоларни тезда ҳал этиш илинжи, енгил иш топиш, тез бой бўлиш орзуси, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, лоқайдлик ва нопок кимсаларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари, трансмиллий жиноий гуруҳларнинг ихтисослашувига сабаб бўлмоқда.
Қул — қул эмас, қуллигини англамаган — қул, деган эди файласуфлардан бири. Қулликни англаш эса, Альберт Камю айтганидек, албатта исён билан тугайди. Таассуфки, эркини, тенглигини, шахсий дахлсизлигини арзимас баҳога сотаётган ва ёки ихтиёрсиз равишда қуллик домига тушиб қолаётганлар йўқ эмас. «Қулдорлик тузуми» деб аталган бутун бошли ижтимоий формацияни босиб ўтган инсоният учун бу тушунча янгилик эмас. Қуллар, қул бозорлари ҳақида тарих китобларидан ўқиган, бадиий фильмларда кўрган XXI аср авлоди «Одам савдоси» деган янги иборага тўқнаш келди. Ибора сифатида янги аммо ижтимоий воқелик сифатида жуда эски бу иллат бутун инсониятда ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.
Амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар мазкур жиноятнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтиришда, унинг ҳар қандай кўринишларидан фуқароларимизни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ноқонуний миграциянинг оқибатларига доир тушунтириш ишларининг олиб борилаётгани, оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тушунтириш ишларига кенг ўрин ажратилаётгани диққатга сазовор. Натижада фуқароларимиз, ёшларимиз одам савдоси, бу жиноятнинг моҳияти ва оқибатлари, шунингдек, ўқиш ва ишлаш ёки дам олиш учун хорижга қонуний йўллар билан чиқиш имкониятлари ҳақида тушунчаларини бойитмоқда.
Зарбдор туман ҳокимлиги Ахборот хизмати