Оқарлик ёшлар етиштирган қовунлар пишиб етилди
Президентимиз томонидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турган фуқароларга имтиёзли равишда аукцион орқали 10 йилга ижара асосида 10 сотихдан 1 гектаргача ерлар берилиши белгилаб берилди. Туманимизда ҳам полиз-сабзавотчилик, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштириш учун фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилди. Президентимиз ёшларга ажратилган ерларни ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш ва уларни ердан даромад олишга ўргатишга ҳокимлар, сектор ва кластер раҳбарлари масъул бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди. Оқар маҳалла фуқаролар йиғинидаги деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Ушбу ҳудудда пахта ва ғалладан қисқартирилган экин майдонларидан 2021 йил 100 нафар фуқаро 50 гектар, 2022 йил 122 нафар фуқарога 55 гектар ерлар ижара асосида берилди.
Ушбу ер эгалари ердан унумли фойдаланиш борасида Оқар МФЙ ҳоким ёрдамчиси М.Жўраев томонидан ёшларга зарур тавсияларни бериш мақсадида агрономлар бириктирилиб, маҳорат дарслари ташкил этилиб келинмоқда. Мутасаддилар бу орқали йигит-қизларнинг вақтинча деҳқончилик билан шуғулланиши эмас, балки уларни қишлоқ хўжалигига ихтисослаштириш, соҳада етарли тажрибага эга бўлган бўлажак фермерларни тарбиялашни мақсад қилган. Амалга оширилаётган бу саъй-ҳаракатлар, яратилаётган имкониятлар ҳудуддаги бошқа ёшларда ҳам ер олиб, деҳқончилик қилишга қизиқиш уйғотса, ажаб эмас.
Баҳорда ерга қовун уруғини қадаган ёшлар бугун ўз маҳсулотларини етиштирдилар. Бугун ўз даромадларини олишди. Бундан ёшларимиз мамнунлиги сезилиб турибди. Оқарлик ёшлар етиштирган шириндан шакар қовунлар ички бозорга балки, чет элга ҳам экспорт қилинмоқда.
Зарбдор туман туман ҳокимлиги ахборот хизмати