КОНСТИТУЦИЯ ЯНГИЛАНИШИГА ҚАНДАЙ ЗАРУРАТ БОР?
Янгиланаётган Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Сўнгги олти йилда эришган ютуқларимизни, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги 25 йиллик “музлар эригани” ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш зарур. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилмоқда.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлаяпмизки, дунёда ҳар куни кутилмаган хавф-хатар ва таҳдидлар юзага чиқяпти. Бугунги зиддиятли жараёнлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар қачон ва нима билан тугашини башорат қилиб бўлмайди. Ҳатто, айрим давлатларнинг дунё харитасида қолиш-қолмаслиги савол остида қолаётгани ҳам сир эмас. Жаҳондаги қарийб 100 миллион одам ўз ҳаётини сақлаш учун бошқа юртларда бошпана излаб юргани, озиқ-овқат етишмаслиги, энергия ресурслари тақчиллиги, пандемия каби глобал муаммолар ривожланган давлатлар аҳолисини ҳам жиддий ўйлантирмоқдаки, буларнинг бари бизга ҳам таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас.
Эътибор берсак, мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.
Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясини тақозо этади.
Бир нарсани алоҳида айтиш керакки, Конституциянинг бу матни олим-у мутахассислар томонидан фақат кабинетларда яратилмади. Балки, даставвал икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди, шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланди. Авваллари эса Конституция қабул қилишда дастлаб лойиҳа ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига қўйиларди.
- биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф беришди. Уларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди;
- иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар айтилди.
Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.
Буларнинг ҳаммаси янгиланаётган Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади
Тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат,
деб белгиланмоқда. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланаяпти.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар3 баробар кўпайтириляпти.
Хусусан: Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади
Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди.
Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса
5 баравар кўпайди.
Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда.
Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.
Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, кейинги йилларда кўплаб нодавлат олий ўқув юртлари очилди, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртига академик
ва молиявий мустақиллик берилди.
Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.
Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқдаки, булар давлатимизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилишига олиб келиши тайин.
Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланмоқда.
Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши қайд қилинмоқда. Бу янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилади.
Конституцияда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланмоқда. Шукрки, бугунги Ўзбекистонда узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.
Лойиҳада ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланяпти. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Бу дегани, ҳозирнинг ўзида 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади, деганидир.
Бу – жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келадики, айни харажатлар учун ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.
Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат,
деб белгиланмоқда.
Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланяптики, бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.
Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади.
Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этиляптики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиради.
Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу норма фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларнинг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши таъкидланяпти. Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ватани билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришига, она юрти – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда
Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.
Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.
Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.
Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.
Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгаймоқда
Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.
Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.
Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.
Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда.
Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.
Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Жиноят ишлари бўйича
Зарбдор туман судининг
раиси Ш.Х.Мирзаахмедов